Ниязметов Исломбек Машарипович ҳаёти ва ижоди
Ниязметов Исломбек Машарипович
Ҳаёти
Ниязметов Исламбек Машарипович 1977 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Хоразм вилояти Урганч шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Отаси – Ниязметов Машарип – шифокор (хирург, терапевт), онаси – Ибрагимова Уллибиби – шифокор (акушер-гинеколог).
Исламбек 1984 йилда Урганч шаҳрининг Алишер Навоий номидаги 9-сонли ўрта мактабда 1-2 синфларни, Куйбышев номидаги 7-сонли ўрта мактабда 3-8 синфларни ва Урганч туманидаги Ражаб Отабаев номли 38-сонли ўрта мактабда 9-11 синфларни ўқиган. Мактаб йилларида Исламбек барча фанларни аъло баҳолар билан ўзлаштирган ва мактабни имтиёзли (қизил) аттестат билан битирган. Болалик ва ўсмирлик йилларида Исламбек спортнинг бир неча турлари билан шуғулланган. Хусусан, футбол, валейбол, баскетболл, бокс ва кунфу машғулотларига қатнаган. Бундан ташқари, у 4-синфдан рассомчилик тўгарагига ҳам қатнаб, расм чизиш билан 10-синфга қадар жиддий шуғулланган. 1994 йилда Ниязметов Исламбек Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг Урганч филиалига ўқишга киради. 1995 йилдан мазкур филиал тугатилиши муносабати билан у Урганч Давлат университетининг Иқтисодиёт факультетида ўқишни давом эттиради. Исламбек 1999 йилда университетни “Молия ва кредит” мутахассислиги “Давлат бюджети” ихтисослиги бўйича аъло баҳолар билан тамомлайди. У “Қўшилган қиймат солиғи” мавзусида ёзган диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, имтиёзли (қизил) дипломни қўлга киритади. 2003 йилнинг сентябр ойида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига ўқишга киради (давлат солиқ хизматидаги лавозими сақланган ҳолда). Ўқиш давомида энг юқори рейтингларни қўлган киритганлиги учун академияда шаклланган анъанага кўра 2004 йил июл-август ойларида Япония Молия вазирлиги ҳузуридаги Сиёсат тадқиқотлари институтида (Policy Research Institute) тажриба орттириб келади. 2004 йилнинг декабрида академияни тамомлаб “Солиқлар ва солиққа тортиш” магистратура мутахассислигини қўлга киритади.
Меҳнат фаолияти
1999 йил июл ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил қилинган сайёр тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, Исламбек Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Ҳудудлараро ўқув марказида солиқ инспекторларини тайёрлаш бўйича уч ойлик курсни ўтайди. Мазкур курсни муваффақият билан тугатгач, Исламбек ўзининг меҳнат фаолиятини 1999 йилнинг ноябр ойидан Хоразм вилояти Урганч тумани Давлат солиқ инспекциясида давлат солиқ катта инспектори лавозимидан бошлайди. 2000-2001 йилларда инспекциянинг турли бўлимларида давлат солиқ бош инспектори ва шўъба бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2001 йил октябр ойидан “Солиқ тушумларини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш” бўлими бошлиғи лавозимига кўтарилади, 2003 йилда Давлат солиқ хизматининг III даражали маслаҳатчиси махсус унвонини қўлга киритади. 2006-2007 йилларда Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармасида “Ҳисоб, таҳлил ва статистика” бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб, 2006 йилнинг март ойида Давлат солиқ хизматининг I даражали маслаҳатчиси махсус унвонинига сазовор бўлади. 2008 йилдан Исламбек ўзининг педагогик фаолиятини бошлайди. Хусусан, 2008-2012 йилларда Тошкент молия институтининг “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият юритган. 2012-2016 йилларда Банк-молия академиясининг “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси доценти ва кафедра мудири вазифасини бажарувчи, 2016 йилдан 2020 йилгача эса кафедра мудири лавозимида ишлаб келган. 2020 йил август ойидан 2021 йил сентябригача Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти Солиқ ва божхона-тариф сиёсатини такомиллаштириш лойиҳаси раҳбари лавозимида ишлаган. 2021 йил сентябр ойидан 2023 йил март ойига қадар Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси мудири, 2023 йил март ойидан августгача Банк-молия академиясининг “Солиқ сиёсати” кафедраси мудири лавозимида фаолият юритади. Ҳозирда Исламбек Ниязметов “UTAX academy” ўқув-малака ошириш марказининг бош директори ва бир пайтнинг ўзида Маъмун университети профессори лавозимларида ишлаб келмоқда.
Илмий фаолияти
Амалиётда ишлаб, солиқ тизимидаги муаммоларни хонавайрон бўлиб кетаётган корхоналар мисолида кўриб, тадбиркорлик субъектлари таназзулига сабаб оғир солиқ юки эканлигига амин бўлгач, Исламбек тадқиқот билан шуғулланишга бел боғлайди. Шу мақсадда 2003-2004 йиллар мобайнида Банк-молия академиясида ўша даврнинг Ўзбекистондаги етук иқтисодчилари бўлмиш А.Ўлмасов, Қ.Яҳёев, Э.Акрамов, М.Юлдашевлар каби профессор олимлардан таҳсил олади ва 2004 йил йил декабр ойида ўзининг илк тадқиқот ишини – “Analysis of the impact of the tax burden on state revenues and the economic activities of business entities” мавзусидаги магистрлик диссертациясини Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Япониядан ташриф буюрган экспертлар иштирокидаги ҳайъат олдида муваффақиятли ҳимоя қилади. Ўзининг илмий-тадқиқот ишларини давом эттириш мақсадида 2006 йил феврал ойидан Банк-молия академиясига мустақил изланувчиликка қабул қилинади ва 2006-2008 йиллар мобайнида 15 га яқин илмий мақолалар чоп этади. 2008 йил 31 октябр куни “Солиқ юкининг тадбиркорлик субъектлари молиявий фаолияти ва бюджет даромадларига таъсири таҳлили” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, иқтисодиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлади. 2015-2017 йиллар мобайнида “Солиққа тортиш механизмларини такомиллаштириш орқали солиқ тизими барқарорлигини таъминлаш” мавзусида фан доктори диссертацияси устида тадқиқот олиб боради. Бу даврда 60 дан ортиқ илмий мақолалар ва 2 та илмий монография чоп этади. Хусусан, 2016 йилда “Солиқ юкини оптималлаштириш: назария, услубият ва амалиёт” номли ва 2017 йилда “Ўзбекистон солиқ тизими: муаммолар ва такомиллаштириш йўллари” номли монографияни нашрдан чиқади. 2018 йил 12 июл куни докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини қўлга киритади. Умумий ҳолда шу бугунга қадар И.Ниязметовнинг 130 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари республика ва хориж давлатларида чоп этилган. 2022 йилда “Солиқ назарияси ва тарихи” номли ўқув қўлланмани яратади. И.Ниязметов солиқ сиёсати бўйича эксперт сифатида қуйидаги йўналишларда тадқиқотлар олиб борган (бормоқда): - иқтисодиётга солиқ юкини оптималлаштириш; - солиқ юкини адолатли тақсимлаш – рақобат муҳитини бузадиган ва эксклюзив солиқ имтиёзларини бекор қилиш; - солиқлар, йиғимлар сонини қисқартириш ва уларнинг манзиллигини таъминлаш; - солиқ сиёсатини ижтимоий йўналтириш – солиққа тортилмайдиган энг кам даромад, прогрессив солиқ механизми, таълим, тиббиёт, табиий офатлар билан боғлиқ ва бошқа характердаги ижтимоий чегирмалар тизимини яратиш; - солиқ-бюджет сиёсатини экологик йўналтириш – чиқиндиларни қайта ишлашга солиқ рағбатлари, углерод солиғи, ифлослантирувчи газлар эмиссиясига қарши фискал механизмларни жорий қилиш; - солиқ-бюджет сиёсатини инновацион йўналтириш; - солиқ сиёсатининг яширин иқтисодиётни жиловлашга қаратилган механизмларини ишлаб чиқиш.
Илмий раҳбарлик ва экспертлик фаолияти
И.Ниязметов ўзининг илмий-педагогик фаолияти давомида 50 дан ортиқ бакалавриат талабалари битирув малакавий ишига, 40 дан ортиқ магистрлик диссертациясига, 10 дан ортиқ фалсафа доктори (PhD) диссертациясига, 1 нафар фан доктори (DSc) диссертациясига илмий раҳбарлик қилган ва улар муваффақиятли ҳимоя қилинган. Япония (2004, 2014), Германия (2019) давлатларида ўз касбий малакасини оширган. И.Ниязметов “Молия”, “Молия ва банк иши”, “Бозор, пул ва кредит”, “Логистика”, “Солиқ ва ҳаёт” илмий журналларининг таҳририят кенгашлари, шунингдек, Тошкент молия институти, Ўзбекистон Республикаси банк-молия академияси, Фискал институт томонидан ташкил қилинган кўплаб илмий-амалий конференциялар таҳририят кенгашлари аъзоси бўлиб фаолият юритган. 2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳузурида фаолият юритган илмий даражалар берувчи Илмий кенгашлар, шунингдек, Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси қошида ташкил этилган малакавий имтиҳон қабул қилиш комиссиялари аъзоси бўлган. И.Ниязметов 2018-2022 йиллар мобайнида солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бош Прокуратура, ЎзЛиДеп сиёсий партияси ва бошқа ташкилотлар томонидан тузилган турли кенгашлар, комиссиялар таркибида эксперт сифатида қатнашиб, ўз таклифлари ва тавсияларини амалиётга сингдирган. Шу пайтга қадар Ниязметовнинг қуйидаги илмий натижалари (таклифлари) амалиётга жорий этилган:
- Солиққа тортишнинг алоҳида режимлари қисқартирилди (2019), хусусан: - ягона солиқни ҳисоблаб чиқишнинг энг кам миқдорлари бекор қилинди, ягона солиқ тўловчи юридик шахсларни умумбелгиланган солиқ режимига ўтказиб бориш орқали ЯСни бекор қилинди; - автостоянкалар ҳамда ўйин автоматларини ташкил қилувчи юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ бекор қилиниб, умумбелгиланган солиқ режимига ўтказилди; - ягона ер солиғи бекор қилиниб, барча қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ер солиғи механизми унификацияланди;
- Кичик бизнес субъекти мақомини аниқлаш мезони сифатида ходимлар сони ўрнига йиллик оборот миқдори (реализация ҳажми) жорий қилинди (2019);
- Оборотдан пенсия, таълим ва йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар бекор қилинди (2019);
- Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи фойда солиғи билан унификацияланди (2019);
- Фойда солиғининг базавий (асосий) ставкаси 15 фоиз миқдорида белгиланди (2019);
- Юридик ва жисмоний шахслар учун мулк солиғи механизми такомиллаштирилди (2020);
- Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қайси солиқ режимида эканлигидан қатьи назар сувдан фойдаланувчи барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилди (2020);
- Ўсимлик ёғига акциз солиғини бекор қилинди (2019);
- Иқтисодий асосланмаган 10 га яқин йиғимлар бекор қилинди (2019-2020);
- Гастрол-концерт билан шуғулланувчилар (артистлар) даромад солиғидан имтиёз бекор қилинди;
- МВ, ИИВ, МХХ, БҚ, ФВВ ходимлари даромадларини солиқдан тўлиқ озод қилиш тарзидаги имтиёз олиб ташланди (2020);
- Қўшилган қиймат солиғи қамрови кенгайтирилиб, ставкаси босқичма-босқич 20 фоиздан 12 фоизга туширилди (2019-2023 йиллар);
- ҚҚС бўйича мавжуд имтиёзлар бекор қилиниб, уларнинг ўрнига рўйхати катта бўлмаган ҚҚСга тортилмайдиган оборотлар ва фаолиятлар тизими шакллантирилди (2018-2024);
- Иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан асосланган янги солиқлар – уяли алоқа хизматига акциз солиғи (2019), энергетик ичимликларга акциз солиғи (2024), оғир юк транспорт воситалари учун тонна йиғими (2024) жорий қилинди.