Kontent qismiga oʻtish

Foydalanuvchi:Islomiddin Ergashev Officaial

Vikipediya, ochiq ensiklopediya

Маданият арабча-мадиналик, шаҳарлик, таълим тарбия кўрган, лотинча ишлов бериш деган маънони англатади. Маданият-табиат ва ўзаро муносабатларда акс этадиган инсон фаолиятининг ўзига хос усулидир. Маданият алоҳида индивиднинг ҳаёт фаолияти (шахсий маданият), ижтимоий  гуруҳнинг ёки жамиятнингҳаёт фаолияти усулини акс эттиради. Дастлаб маданият тушунчаси инсоннинг табиатга мақсадга мувофиқ таъсири (ерни ишлаш ва бошқалар) ҳамда инсоннинг ўзини тарбиялаш ва ўқитиш маъноларини ифодалаган. Уйғониш даврида маданият етуклиги, Кейинчалик маданият тушунчаси орқали цивилизация билан боғлиқ мазмун тушунила бошлаган. Уйғониш даврида маданият етуклиги деганда инсоннинг инсонпарварлик ғоялари, кейинроқ, маърифатпарварлик ғояларига мувофиқликни тушуна бошладилар.Жамиятдан ташқарида маданият мавжуд эмас. Ижтимоий муносабатлардаги ҳар қандай ўзгариш маданиятга таъсир этади ва маданият бу муносабатларнинг қандай натижаларга олиб келишидан хабар беради. Шу нуқтаи назардан маданият нафақат ўтмишга ёки бугунга, шу билан бирга келажакка муносабатдир.Маданият инсон фаолиятининг ҳам маҳсули, ҳам сифат кўрсаткичи. Инсоният ўзи ҳам пировард натижада маданиятнинг маҳсулидир. Маданий муҳит қандай бўлса, инсон ҳам шундай шаклланади.Маданиятнинг ижодкори, энг аввало, халқ. Халқ маданиятида авлодлар-аждодлар яратган моддий ва маънавий бойликлар жамланган. Уларни ўзлаштирмай, билмай туриб, маданиятли киши бўлиб етишиш қийин. Худди шунингдек, маданият ривожида профессионал ижодкорлар ва санъаткорлар ҳам катта ўрин тутадилар. Улар туфайли маданиятда янги оқимлар, ижод турлари, бадиий эстетик қарашлар юзага келади. Маданият ўз моҳиятига кўра моддий ва маънавий маданиятга бўлинади.Моддий маданият деганда инсон томонидан табиат кучларини ўзлаштиришнинг сифатий даражасига, меҳнат қуролларининг такомиллаштирувига, ишлаб чиқаришнинг техник даражасига, кишиларнинг техникадан фойдаланишдаги иш тажрибалари ва кўникмаларига, уларни илмий асосланишига, меҳнат маданиятига, кишиларни моддий-турмуш эҳтиёжларини қаноатлантиришга ва бошқаларга тушунилади. Моддий маданиятнинг юрагини меҳнат қуроллари ташкил қилади. Улар ҳозирги даврда фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиб борилаётгани билан характерланади. Маданиятнинг даражаси, шунингдек инсон тажриба, кўникмаларининг, билимларининг моддий ишлаб чиқаришда қўлланиши билан ҳам ифодаланади. Маънавий маданият деганда эса табиат ва жамиятни чуқурроқ билиш ва унинг даражасининг сифатий ютуқларига, инсон дунёқараши тасаввурларининг кенглиги, ижтимоий ҳаётга бунёдкор, эзгу прогрессив ғояларнинг, ижобий, фойдали билимларнинг жорий қилинишига тушунилади. Бошқачароқ айтганда фан, фалсафа, таълим, маориф, ахлоқ, адабиёт ва санъат соҳаларидаги сифатий ютуқларнинг йиғиндисига маънавий маданият деб тушунилади. Маънавий маданият элементлари сиёсий ғояларда, кишиларнинг сиёсий, маънавий ривожланишида, ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллашишида ўз аксини топади.Маънавий ҳаёт ҳодисалари тил, нутқ, тафаккур, хулқ нормалари (“ташқи маданият”), шунингдек “ҳиссиёт маданияти” ҳам маънавий маданиятни ифодалаб беради. Маданиятнинг муҳим жиҳатини миллий маданият ташкил қилади. Миллий маданият деганда маълум бир миллат, элат, халқ томонидан узоқ тарихий ривожланиш жараёнида яратилган, уларнинг ижтимоий-маданий эҳтиёжларини ифода этган моддий ва маънавий бойликлар йиғиндисига айтилади. Миллий маданиятга тил, турмуш тарзи, менталитет, урф-одатлар, дин, халқ ижодиёти, архитектура, адабиёт,мусиқа, ахлоқий-маънавий қадриятлар ва бошқалар киради.Одатда маданият ички (ўзак) ва устки қатламдан иборат ижтимоий-тарихий ҳодисадир. Миллийлик маданиятнинг, энг аввало, ўзак қатламида акс этади. Бу қатламга халқнинг узоқ тарихий ривожланиш жараёнида шаклланган ва шу халққагина мансуб бўлган тили, турмуш тарзи, дини, урф-одат ва анъаналари, менталитети, қадриятлари киради. Маданиятнинг ўзак қатламига қараб биз ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятларини, тарихий-маданий ривожланиш йўлларини, жаҳон маданияти ва цивилизациясига қўшган улушини аниқлаймиз.Маданиятнинг ўзак қатлами муҳим, турғун хусусиятга эга. Айнан мана шу хусусият миллий маданиятнинг ўзига хос қонунлар асосида ривожланишини таъминлайди. Ҳатто, сиёсий тўнтаришлар, инқилоблар ҳам уни йўқ қила олмайди. Масалан, ўтган асрнинг 20-йилларида ўлкамизда амалга оширилган тўнтаришлар ва зўрлаб киритилган ижтимоий муносабатлар ўзбек тилини, халқимизнинг тарихий, маданий, маънавий урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини, ўзига хос фикрлаш тарзини йўқ қила олмади. Демак, ўзакнинг мавжудлиги миллий маданият ва миллат, элат, халқнинг ўзига хос ижтимоий бирлик сифатида мавжудлигининг асосий шартидир.Миллий маданият билан умуминсоний маданият ўртасида диалектик боғлиқлик мавжуд. Умуминсоний маданият миллий маданиятлардаги инсонни ва унинг ижодий, ахлоқий “қувватларини” (Форобий) улуғловчи қадриятлардан иборатдир.Миллий маданиятларнинг ранг-баранглиги ўзига хослиги ва бетакрорлиги умуминсоний маданиятнинг ривожланиш шартидир. Шу билан бирга умуминсоний маданият ҳам миллий маданиятларда, ижтимоий тараққиёт талабларига мувофиқ, инновацион ўзгаришлар содир бўлишига имкон яратади.Маълумки, бугунги дунё бир халқ, мамлакат ўз худуди доирасидагина яшаш билан чекланмайди. Аксинча, дунё халқларини манфаатлар муштараклигини бирлаштирмоқда. Ҳар қандай “хусусий” муаммо барча учун бирдай тегишлилик моҳиятини касб этмоқда. Умумий тақдир ва умумий истиқбол тушунчалари тобора  чуқурлашиб бормоқда.[tahrir | manbasini tahrirlash]

Глобал моҳиятга эга бўлаётган ғоят залварли масалалар кўпайиб бормоқда. У инсоният тарихи ва тақдирига, бугуни ва истиқболига жиддий таъсир этмоқда. Айни ана шу мамлакат табиатини,моҳиятини қанчалик чуқур тушунсак, маънавий оғриқ, руҳий озурдалик шунчалик катта таҳдид солаётганини яна ҳам чуқурроқ ҳис этамиз. Оммавий ахборот воситалари мазкур муаммоларни шу даражада кўп тарғиб этмоқдаки, бу баъзан ғоят фожиали, зиддиятли вазиятни вужудга келтирмоқда.Хилма-хил далиллар ва рақамлар атрофидаги мулоҳазалар, таҳлиллар, тадқиқотлар йўналишлари тобора кўпайиб бормоқда. Кўнгилларни ғаш қилиб, руҳимизга озурдалик келтирадиган “башорат”лар ва янги технологик изланишлар шу даражада авж олиб кетдики, бу бевосита Ер шари тақдири ва  инсоният истиқболи билан боғлиқлик ҳиссини, даҳлдорлик туйғусини яна ҳам кучайтирмоқда.Ана шу тиғиз ва шиддатли бир шароитда инсоннинг энг яқин ва ишончли ҳимоячиси-маданият ва маънавиятга эҳтиёж яна ҳам кўпроқ ортмоқда. Биз ташқи олам, атроф муҳит ва ижтимоий ҳаётдаги муаммолар ҳақида қанчалик чуқур ўйласак, унинг асосида инсон моҳияти, қадрияти ётганини шунчалик кўпроқ тушунамиз. Балки глобал муаммолар таҳдиди бизни қайсидир даражада чалғитиб қўяр. Бироқ ҳар қандай муаммо, ҳар қандай таҳдид инсон маънавияти, ички ифодаси, руҳий қуввати орқалигина ўз ечимини топиши мумкин.Инсон икки олам кесишган нуқтада яшайди. У ташқи дунё, табиат ва ҳаёт сарвари, айни пайтда ўз юки оламининг буткул итоаткоридир. Айни ана шу ички олам, туйғу ва руҳ ташқи олам моҳиятини, мазмунини ва истиқболини белгилайди. Муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик, оила, турмуш, кундалик ҳаёт эҳтиёжлари ва муаммолари, атроф-муҳитдаги барча яхшилик ва ёмонликлар кишилик жамияти тараққиётига ўз таъсирини ўтказади. Демак, инсон олами ташқи оламнинг кўзгуси ва айни пайтда инсоннинг жамиятдаги ўрни, ҳаёти ва тақдири билан боғлиқ бўлган ноёб қадрият. Худди ана шу оламда инсоннинг маънавий-руҳий имкониятлари, тасаввурлари, ҳиссиётлари, илҳоми ва ижодкорлик туйғулари яшайдики, бу ташқи оламни ўзлаштиришга, ҳаётни ҳар қандай шароитда ҳам тартибга солишга қодир бўлган қудратли кучдир.Инсоният яратган бой маданий қадриятлар, жумладан кишилик тарихи шундан далолат берадики, маданиятнинг умри бир инсон умридан анча узун ва, ҳатто, чексиздир. У инсоният ибтидоси ва интиҳосини ўзида мужассам этади. Бугун биз Миср, Рим, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз деганда ана шу улкан ва ўлмас маданиятнинг нақадар барҳаётлигига, яшовчанлигига, келгуси авлодларга ғоят кучли маънавий таъсир ўтказишига ишонч ҳосил қиламиз. Чунки айни улар туфайли тарих сақланмоқда, ўтмиш тараққиёт даврларидан, ўзига хос цивилизациясидан хабар бераётгани каби қулоғимиз остида аждодлар руҳининг қўнғироқлари эшитилиб туради, қалбимизга ҳарорат, жисмимизга қудрат бахш этади, истиқболга даъват этади.Албатта, ҳар қандай шароитда ҳам фан, маданият, санъат фақат озод шароитдагина ривожланади. Ижодий жараён авж олади. Демакратия сўз ва фикр эркинлиги орқали намоён бўлади. Ҳозирги замон жаҳон маданияти эса яхлит инсоният озодлигини ноёб мўъжизаси сифатида юзага келмоқда. Зотан, руҳнинг қудрати озодликда!Кишилик жамияти тарихи XX асрдаги сингари фавқулодда ҳолатларга, тўқнашувларга ва зиддиятларга дуч келмаган. Айни ана шу ҳодиса XXI аср тақдирини, моҳиятини белгилайдиган омилга айланди. Сиёсий тафаккур, ижтимоий фалсафа, уруш ва тинчлик ҳақидаги ғоялар ривожлангани сари инсоният тобора таҳдид гирдобига тушмоқда. Халқлар, миллатлар энди бир-биридан қочиб эмас, бир-бирига интилиб яшаш (И.А.Каримов) эҳтиёж эканлигини тушуниб бормоқда. Ана шу англаш жараёнининг ўзи бу қадимий маконда тушунчаларнинг кенгайиб бораётганлигидан далолат беради. Уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига ўтиш зарурат эканлиги тобора кўпроқ намоён бўлмоқда. Ана шу жараёнда жамият ҳаётида дахлдорлик туйғуси, яъни халқлар ва миллатларнинг маданиятлар орқали ўзаро яқинлашиши жараёнлари тобора фаоллашмоқда. Жараённинг ижобий томони шундаки, маданиятлараро яқинлашув, маданиятлараро интеграция халқлар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш даражасининг ошишига олиб келди.Аслини олганда ҳар бир миллат ёки элат умумсайёравий маданиятга ўзига хос ҳиссасини қўшади. Шу билан бирга ҳар бир миллий маданият ўз тарихий илдизларига таяниб, унинг сарчашмаларидан баҳра олиб, умумтарихий тажрибалар билан озиқланган ҳолда бойиб боради.[tahrir | manbasini tahrirlash]

Ҳар қандай маданият ўз миллий хусусиятларига, миллий манбаларига, тарихий тажрибалар ва жараёнлар асосида шаклланган қиёфасига эга. Бироқ ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнларнинг тобора шиддат билан умумсайёравий моҳият касб этаётганлиги сабабли гуё умуминсоний маданият дунёга келаётгандай туюлади. Аслида эса миллий маданият ўз моҳиятини йўқотмоқда, “чатиштирилган”, сунъийлаштирилган ҳолатдаги мажруҳ қиёфага кирмоқда. Бундай “бедаво”ликдан қутулишда эса фақат ва фақат миллий тафаккур, миллий онг, миллий руҳ алоҳида аҳамият касб этади. Айни ана шу муҳим учлик устувор бўлган шароитдагина миллий ва маънавий халоскорлик туйғуси, ўз миллий қадриятларини ҳимоя қилиш иммунитети кучаяди ва у ҳар қандай шароитда ҳам ўзининг куч-қудратини намоён этмоғини ҳаёт тақозо этмоқда.Бир қарашда ўз миллий қадриятлари, анъаналари ва маданиятини зўр бериб ҳимоя қилиш кишига худди шовинизм, национализм ва ирқчилик каби салбий ҳолатдай туюлади. Иккинчи томондан эса умуминсоний маданият тушунчасининг тобора кенгайиб бораётгани  миллатлар ва элатлар ўзига хослигининг йўқолишига олиб келмоқда.Бугунги дунёни фақат ўзаро соғлом мулоқот, ўзаро бир-бирини тўғри тушуниш маданияти асраши мумкин. Худди ана шу мулоқот бир-бирини эшитиш ва тушуниш маданиятни асраши мумкин. Худди ана шу мулоқот бир-бирини эшитиш ва тушуниш маданияти инсон ҳаётини уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига ўтказадиган ғоятда мураккаб ва айни пайтда эҳтиёжга айланган тарихий ҳодисадир. Ғоятда кучли қурол-яроғлар, ҳарбий аслаҳалар ва ҳарбий қудрат билан зўравонлик қилиш, қолаверса, буюк давлатчилик шовинизми таҳдиди ҳозирги замон цивилизацияси нуқтаи назаридан ибтидоий ҳодисага айланди.Шу нарсани очиқ, ошкора қайд қилиш зарурки, уруш ва тинчлик сингари глобал муаммони фақат соғлом ақл, соғлом идрок ва заковат орқали ҳал этишни давр тақозо этмоқда.Ҳозирги даврда юксак даражадаги маданият, маънавият долзарб муаммога айланди. Бу долзарблик ўз-ўзидан юксак маданиятни тақозо этадики, маданият бой жойда очиқлик, қалбан ва руҳан яқинлик, ўзаро бир-бирини тушуниш туйғулари яшайди.Демак, тинчлик маданияти бу бевосита маданиятлар мулоқоти, ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш кўзгусидир. Бир-бирини ҳурмат қилиш, ўзаро яқинлашиш орқали умумсайёравий маданият вужудга келишига олиб келади. Бу, албатта, уруш ва тинчлик йўналишидаги маънавий ҳодиса. Лекин яна бир йўналиш борки, бу бевосита ҳар бир халқ, ҳар бир элатнинг, миллатнинг ўзига хослиги билан, тарихий маданий мероси ва маънавий қадриятлари билан боғлиқ бўлган жараёндир.Ҳозирги замон талаблари нуқтаи назардан ҳар қандай миллий маданият турли халқлар маданияти билан мулоқот қилишга қодир бўлмоғи лозим. Ана шу мулоқот жараёнида бир маданият иккинчи бир маданиятга ҳам ўз таъсирини ўтказади, ҳам ўзи бойийди. Бошқача қилиб айтганда, ўз маданий қобиғидан чиқмаслик, ҳар қандай маданиятга қарши туриш ожизлик ва нотавонликдир, бугунги цивилизация ютуқларидан орқада қолиш каби қолоқликдир. Бошқа бир маданиятга қўшилиб кетиш эса миллий таназзулдан бошқа нарса эмас. Бу миллатнинг, элатнинг, этник гуруҳнинг инқирози билан тенг бўлган фожиа. Ана шундай мураккаб, зиддиятли бир шароитда ўзаро таъсир ва эргашиш туйғуси меъёрдоирасида бўлмоғи шарт.Маданиятлараро интеграция дунёни янгилашга, инсоният тафаккурини бойитишга, унинг маданий савиясини оширишга катта хизмат қиладиган улкан ижтимоий-тарихий ҳодиса. Биз жаҳон цивилизациясидан ортда қолмаслигимиз керак. Ҳеч бўлмаганда у билан баробар юришимиз, унинг ютуқларидан фойдалана олишимиз зарур ва, ҳатто, ўз ютуқларимиз билан замонавий цивилизация тажрибаларини бойитишга интилмоғимиз зарур. Бироқ, бундан миллий хусусиятларимизга, урф-одат, анъаналаримизга, турмуш тарзимизга зид бўлган маданиятни олиб кириш мумкин деган фикрга бормаслигимиз лозим.Маданиятнинг миллий ўзига хослиги бу маълум бир миллатнинг моҳияти, қиёфаси, унинг асрлар қаъридан етиб келган қадриятидир. Миллий маданият тушунчаси орқали биз асрлар синовидан ўтган, ўтмиш тажрибаларини ўзлаштирган ва айни пайтда ҳозирги замон маданий тажрибалари асосида ўзини бойитиб бораётган, унинг янгидан-янги қирраларини кўрсатаётган жараённи тушунамиз. Бу бевосита миллий онг, миллий тафаккур тарзи билан боғлиқ бўлган кенг миқёсли воқелик. Айни ана шу ҳар бир миллат ва халқнинг миллий онглилик даражаси ўша миллат ёки халқнинг цивилизациялашганлик даражасини кўрсатади.Маданиятлараро интеграция авж олаётган ҳозирги даврда ижобий ва салбий томонлари кўзга яққол ташланмоқда. Бу ҳақда проф. Н.Жўраев қуйидаги фикрларни қайд этади: “Биринчидан, катта халқлар маданияти цивилизация рамзи сифатида кичик халқлар маданиятининг ривожланишига, уларнинг тараққий топишига, жаҳон цивилизациясига яқинлашишига ёрдам бермоқда. Бу албатта, ҳар қандай миллий маданият ўз эҳтиёжи нуқтаи назаридан жаҳон маданиятига интилиши орқали унинг энг самарали, ижобий жиҳатларини қабул қилиб, салбий томонларини қабул қилмаслик каби ўта нозик, катта миллий маданиятни, маърифатни ва табиий равишда ахлоқни тақозо этади.Иккинчидан, катта халқлар маданияти кичик халқлар маданиятини ютиб юбормоқда”.[1] АҚШ тадқиқотчиларнинг қайд қилишларича яқин вақтларгача жаҳонда ўн икки мингдан ошиқ катта-кичик этносларнинг тиллари мавжуд бўлган. Ҳозир эса уларнинг сони жаҳон бўйича етти мингдан ошиқроқни ташкил қилади. “Уларга кучли таъсир ўтказиб, ўзига хослигини, миллий хусусиятларини, қадриятга айланган урф-одатлар ва анъаналарини шафқатсизлик билан поймол этмоқда.Учинчидан, кичик халқлар, жумладан ривожланиш йўлига чиқаётган мамлакатлар жаҳон тараққиётидан орқада қолмаслик учун унинг ютуқларини ўзлаштириш йўлидан бориши табиий. Ўз-ўзидан бундай халқлар учун жаҳон маданиятига интилиш ҳисси кучли бўлади. У қондириш қийин бўлган эҳтиёжга айланади. Жаҳон цивилизацияси ютуқларига кўр-кўрона ёндошиш оқибатида эса миллий ўзига хослик йўқолиб, маданий-маърифий инқирозга юз тутиши мумкин”.[2]Маълумки, XV-XVI асрлардан бошлаб бозор муносабатлари ва бозор иқтисодиёти бутун дунёни ўз таъсир доирасига тортиб, халқаро муносабатларнинг шакл ва мазмунига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши жаҳон иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётида ҳукмрон тамойилга айлангандан сўнг миллатлар, мамлакатлар, минтақалар ва қитъаларнинг яқинлашуви жадаллашиб, янги поғонага кўтарилди. Бу яқинлашув шу даражада юксак суръатлар билан ривожландики, XIX аср охири ва XX аср бошида бу жараённинг ҳеч қандай куч тўхтата олмаслиги ва яқин аср давомида миллатларнинг қўшилиб кетишига йирик  миллатлар майда миллатларни, уларнинг миллий маданиятларини “ютиб юбориш”ига ҳеч ким шубҳа қилмай қўйди. Хатто атоқли назариётчи ва ижтимоий тараққиёт муаммолари соҳасидаги таниқли олим Карл Каутский ҳам “яқин даврлар ичида миллатларнинг қўшила бошлаши шубҳасиз. Масалан, чех миллати яқин ярим аср ичида ўзидан йирик, кучли ва бақувват олмон миллати томон оғиб, у билан қўшилиб кетади. Чехлар учун бошқа йўл йўқ” деб ёзган эди XX аср бошида. Аммо, бу “башорат”дан сўнг ярим аср эмас, бир аср ўтди, чех миллати эса олмонлар билан қўшилиб кетиш ўрнига ўз мустақил давлатига суяниб, Европанинг ривожланган миллатларидан бирига айланди.Кейинги тўрт-беш асрда жаҳон бўйлаб  нақлиёт воситаларининг ривожланиши натижасида халқлар, қитъалар ва минтақаларнинг яқинлашиши ниҳоятда тезлашди, жадаллашди, серқирра жараёнга айланди. Аммо жаҳон илмий, жўғрофий, демографик, этнографик адабиёти, миллатларнинг,миллий маданиятларнинг оммавий равишда қўшилиб кетиши бошланди, деган хабарларни билдирмаяпти. Албатта, жузъий қўшилишлар, ҳаёт эҳтиёжлари сабабли, бўлмоқда ва келажакда ҳам бўлиши эҳтимоли узоқ эмас.Кундалик ҳаётда миллатларнинг, миллий маданиятларнинг қўшилишини эмас, балки унинг тескарисини кўриб турибмиз, яъни миллатлар ўсмоқдалар, мустаҳкамланмоқдалар, миллий маданиятлар гуллаб-яшнашга интилмоқдалар. XXI асрга инсоният миллатлар инсонияти сифатида кириб келди. Демак ХХ аср бошида шу тўғрида фикр юритган жамиятшунослар нотўғри хулоса ясаб, қўпол хатога йўл қўйганлар. Бу хатто шундан иборатки, улар миллатларнинг, миллий маданиятларнинг яқинлашишини таҳлил қилишга оддий, содда, механикавий равишда ёндошганлар, улар оддий мантиқ қонунлари асосида мулоҳаза юритиб, “ўзаро яқинлашувчи ҳар икки нарса охир оқибатда қўшилади. Шундайэкан, ўзаро яқинлашувчи миллатлар, миллий маданиятлар ҳам қўшилиб кетиши муқаррар нарса” деган хулоса чиқардилар. Улар ниҳоятда муҳим бир омилни сезмадилар ваинобатга олмадилар. У ҳам бўлса шундан иборатки, ўзаро яқинлашаётган миллатлар жонсиз нарсалар ёки онгсиз маҳлуқлар эмас, балки онгли инсонлар бирликларидир.Миллатларнинг ҳар бири ва ҳар бирида эса ҳар бир шахс ўз онги, дунё- қараши, ҳаёт тамойиллари, тарихи ва маънавият дунёсига эга. Шундай экан, бир миллат иккинчи миллат билан яқинлашар экан, унинг билан қўшилиш ҳақида асло ўйламайди. У иккинчи миллатдан, унинг миллий маданиятидан нимани ўрганиш, нимани қабул қилиш, қай соҳада савдо-сотиқ қилиш тўғрисида ўйлайди. Ва янгиликни қабул қилиб олса, ўз миллий муҳитига, ўз миллий воқелигига мослаштириш йўлларини излайди ва киритади. Бинобарин, миллатларнинг, миллий маданиятларнинг яқинлашуви натижасида қабул қилинаётган, янгилик оддий механикавий ҳаракат бўлмай, миллатнинг онги, анъаналари, мезонлари, тушунчалари, диди ва миллий ақл-фаросати орқали қабул қилиб олинади. Бундай ўзлаштириш миллатни, миллий маданиятни бойитади, унинг ҳаётига янгилик киритади, миллат онгида янги тушунчалар пайдо бўлишига сабабчи бўлади.Миллатлар, миллий маданиятлар яқинлашиш орқали бир-бирини бойитадилар, яъни бир-бирларига ижтимоий бирлик сифатида янада мустаҳкамланиш учун йўл очадилар. Кўриб турибмизки, яқинлашиш миллатларнинг гўркови эмас, балки тараққиёт ва янада ривожланиш воситасидир. Бунинг мисолини биринчи навбатда ҳозирги замон ижтимоий-сиёсий ва илмий-техникавийтараққиётнинг сардори бўлиб келаётган Ғарбий ва Марказий Европа миллатлари мисолида кўришимиз мумкин. Бундан бир аср муқаддам баъзи назариётчилар бу миллатлар қўшилиб кетишдан ўзларини сақлаб қололмайдилар деб башорат қилган бўлсалар, ХХ аср давомида Ғарбий ва Марказий Европада бунинг тескарисига дуч келмоқдамиз; бу минтақа миллатлари йил сайин ўз мустақилликларини мустаҳкамлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлидан бормоқдалар.Бошқа миллатдан, миллий маданиятдан қабул қилиб олинаётган янгилик миллат учун қўшимча куч бағишлайдиган омилдир. Лекин бу ўзлаштирилаётган нарса ҳаддан ошиқ бўлса, инсонга ва жамиятга ортиқча юк ва қийинчилик келтиради. Шунинг учун  ўзлаштирмаларнинг ҳам чегаралари бўлмоғи лозим. Бу борада биринчи навбатда миллат, миллий маданият ўзининг ички салоҳиятига, бунёдкорлик фаолиятига суяниб, ўз имкониятларини ишга солмоғи мақсадга мувофиқдир.Демак, бошқа миллатлар, миллий маданиятлар ютуқларини ўзлаштириш ички зиддиятли  жараёндир: бир томондан, у миллатларни, миллий маданиятларни яқинлаштиради, ва айни вақтда, ҳар бир ўзлаштирувчи миллатни, маданиятни бойитиб, мустаҳкамлагани сабабли уни “бойитган миллат”дан, маданиятдан узоқлаштиради. Бу эса миллий маданиятларнинг яқинлашуви ва айни вақтда узоқлашуви мавжуд эканлигини тасдиқлайди. Бунинг учун эслайлик, кейинги аср ичида проф. Қ.Хоназаров қайд қилганидек, - “ўзбек ва рус халқлари жуда кўп жиҳатдан яқинлашдилар. Лекин, улар қўшила бошладилар десак, ҳақиқатдан чекинган бўламиз. Қайтанга уларнинг орасида фарқ ватафовутлар аниқлашди, бу фарқ ва тафовутлар орасидаги ўзгачаликлар янада тўлароқ кўрина бошлади. Ёки, масалан,бундан юз йил муқаддам қозоқлар билан қирғизларни бир-биридан ажратиш осон иш эмас эди. Уларнинг ўзлари ҳам бу фарқ-тафовутларга ортиқча эътибор бермас эдилар. Ҳозирги даврда бундай қарашларга ўрин қолмади”.[3]Миллатлар, миллий маданиятлар ҳар доим яқинлашиб борадилар. Ва, шу билан бирга, шу билан бир вақтда улар ҳеч бир вазиятда қўшила олмайдилар, чунки уларнинг онгининг ўсиши, ўзлигининг мустаҳкамланиши натижасида улар ўзларини ҳеч бир вақт ўлимга маҳкум этмайдилар, йўқ бўлиб кетишга рози бўлмайдилар. Майда ва кам сонли миллатлар, миллий ва этник гуруҳлар, ўзларига турмуш қулайликларини излаб, ўз атрофларидаги йирик миллатларнингтилини, кўп жиҳатдан маданиятини ҳам қабул қилиб олишлари мумкин. Аммо, шундай вазиятда ҳам уларнинг онги, миллий ўзлиги сақланибгина қолмай, янада мустаҳкамланиб боради.Маълумки, Ўзбекистонда маданият соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати тарихий-маданий меросни авайлаб асрашга республикамизда яшаётган 139 та элат, миллат ва этник гуруҳларнинг миллий маданиятларини ривожлантиришга қаратилган.Мустақиллик йилларида халқимиз “Авесто”нинг 2700 йил аввал юртимиздаяратилганини жаҳон аҳлига очиқ айтишга, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Бурхониддин Марғиноний, Аҳмад ал-Фарғоний каби кўплаб буюк алломалар қолдирган меросларини қайта тиклашга муваффақ бўлди.Барча миллий маданиятлар дин билан уйғун  ривожланиб келган. Ўзбек халқи маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши ҳам ушбу қоидадан истисно эмас. Қуръони каримнинг ўзбек тилига ўгирилиши, имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий асарларининг чоп этилиши маданий меросимизни қайта тиклашга қаратилган тадбирлар қаторига киради.Миллий маданиятнинг ривожланишида халқ ижоди ва санъатининг ўрни катта. Республикамизда 150 мингдан зиёд киши якка тартибда халқ амалий санъати, 1 млн. 800 мингдан зиёд киши эса ҳаваскорлик уюшмаларида мусиқа, ашула, рақс, рассомлик, театр санъати каби ижод турлари билан шуғулланмоқда. Бу эса мустақиллик даврида миллий маданиятимиз юксак босқичлар сари ривожланиб бораётганлигидан далолат беради.[tahrir | manbasini tahrirlash]